Владивосток шаҳри маъмурияти ўзбекистонлик мутахассисларни шаҳардаги корхона ва ташкилотларга уюшган ҳолда ишга жалб этиш бўйича ҳамкорликни кучаaytirmoqchi. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси дипломатлари ҳамда шаҳар мэри вазифасини бажарувчи Кирилл Хижинский ўртасида ўтказилган учрашувда сўз борди.
Учрашув давомида томонлар меҳнат миграцияси масалаларини муҳокама қилдилар. Кирилл Хижинский Ўзбекистон фуқароларини ишга қабул қилиш жараёнида яқиндан ҳамкорлик қилиш ва бу борада амалий ёрдам кўрсатишга қизиқиш билдирди. Ўз навбатида, Бош консулхона вакиллари Ўзбекистон ҳукумати томонидан хорижда ишлаётган ватандошларни ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чоралар, шунингдек, хавфсиз ва қонуний ишга жойлашиш механизмлари ҳақида маълумот бердилар.
Учрашув якунларига кўра, Владивостокнинг тегишли ташкилотлари Ўзбекистон Бош консулхонасига расмий сўров хатини юборишга келишиб олдилар. Ушбу сўров ўзбекистонлик фуқароларни ишга жойлаштириш ва ушбу соҳадаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини қамраб олади.
Ушбу ташаббус Россияда қонуний асосда ишлашни режалаштираётган ўзбекистонликлар учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда. Уюшган меҳнат миграцияси механизмлари мигрантларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва уларнинг хавфсиз иш шароитларида фаолият юритишига қаратилган.









