Россия қурилиш компаниялари кадрлар оқими камайиши ва меҳнат шароитларининг мураккаблиги фонида ишчиларни ушлаб қолиш учун иш ҳақини оширишга мажбур бўлмоқда. 2026-йил бошидан буён айниқса монтажчилар, пайвандчилар ҳамда қурилиш участкаси раҳбарларининг даромадлари сезиларли даражада ўсди.
Ишга қабул қилиш сервисларининг маълумотларига кўра, 2026-йил август ойида монтажчилар учун 13,2 мингта, пайвандчилар учун эса 14,1 мингта бўш иш ўрни мавжуд бўлган. Шунингдек, бетон қуювчилар, ғишт терувчилар ва арматурачилар учун 8,5 мингта вакансия эълон қилинган. Монтажчилар учун талаб йил бошига нисбатан 105 фоизга, пайвандчилар учун эса 44 фоизга ошган.
Ўртача таклиф этилаётган иш ҳақи миқдори қуйидагича шаклланган: қурилиш лойиҳаси раҳбари — 150 000 рубл, прораб ва қурилиш-монтаж ишлари устаси — 135 000 рубл, монтажчи — 97 500 рубл, пайвандчи — 80 000 рубл, строплашчи — 77 500 рубл ҳамда бўёқчи ва сувоқчилар учун 70 000 рубл.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, иш ҳақи ўсиши асосан малакали ишчилар ва линия раҳбарларига қаратилган. Бироқ, соҳада кадрлар етишмовчилиги сақланиб қолмоқда. Бунга меҳнат шароитларининг оғирлиги, 12 соатлик иш куни ва баъзи ҳолларда иш берувчилар томонидан меҳнат шартномаларини тузмаслик каби омиллар сабаб бўлмоқда.
Экспертлар ишчиларга оғзаки келишувларга таянмасдан, ҳар доим расмий меҳнат шартномаси тузишни тавсия қилмоқдалар. Россия Қурилиш вазирлиги эса 2027–2030-йилларга мўлжалланган кадрлар сиёсати режасини ишлаб чиқиб, соҳадаги мутахассислар учун меҳнат жозибадорлигини ошириш ва иш ҳақини тартибга солиш чораларини кўришни режалаштирмоқда.









