Курск вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган текширув жараёнида маҳаллий боғлардан бирини ободонлаштириш билан шуғулланувчи қурилиш компаниясида қонунбузарлик аниқланди. Маълум бўлишича, ташкилот 11 нафар хорижий фуқарони тегишли рухсатнома ёки патентсиз ишчи сифатида меҳнат фаолиятига жалб қилган.
Текширув натижаларига кўра, иш берувчига нисбатан Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 18.15-моддаси 1-қисми бўйича баённомалар расмийлаштирилди. Суд қарори билан компания жами 2 миллион 750 минг рубль миқдорида маъмурий жаримага тортилди.
Ушбу ҳолат мигрантлар учун ўз ҳужжатларининг қонунийлигини назорат қилиш муҳимлигини яна бир бор эслатади. Иш берувчилар хорижлик ходимларни ишга қабул қилишда патент ёки рухсатноманинг амал қилиш муддатини текшириши, шунингдек, меҳнат шартномаси тузилган ёки бекор қилинган кундан бошлаб 3 иш куни ичида миграция органларини хабардор қилиши шарт.
Шунингдек, иш берувчилар хорижий фуқарони ишга олишдан олдин Россия ИИВ расмий сайти орқали шахснинг назорат остидаги шахслар реестрида мавжудлигини текшириб кўришлари талаб этилади. Мутахассислар иш берувчиларни меҳнат муносабатларини расмийлаштиришда қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга чақирмоқда.









