Россия Либерал-демократик партияси (ЛДПР) вакиллари Россияда доимий яшовчи хорижий фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ижтимоий қарилик пенсияларини бекор қилиш ташаббуси билан чиқди. Партия раиси Леонид Слуцкийнинг 26-сентябр куни маълум қилишича, тегишли қонун лойиҳаси Россия ҳукумати кўриб чиқиши учун юборилган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, Россияда 15 йил давомида доимий яшаган хорижликлар белгиланган ёшга етганда ижтимоий пенсия олиш ҳуқуқига эга. Таклиф этилаётган ўзгаришлар «Россия Федерациясида давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонундан ушбу нормани чиқариб ташлашни назарда тутади. Қонун лойиҳаси муаллифлари пенсия олиш ҳуқуқини фақат Россия фуқаролиги билан боғлашни мақсад қилган.
Агар ушбу ташаббус қабул қилинса, янги тартиб 2027-йил 1-январдан кучга кириши режалаштирилмоқда. Ҳужжатда қайд этилишича, қонун кучга киргунга қадар пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар учун тўловлар тўхтатилмайди ва улар белгиланган асослар тугагунга қадар сақлаб қолинади.
ЛДПР вакилларининг таъкидлашича, ушбу чора федерал бюджет харажатларини оптималлаштириш ва пенсия тизимини янада манзилли қилишга хизмат қилади. Партия, шунингдек, пенсия ҳисоблаш тизимини ўзгартириш, минимал пенсия миқдорини ошириш ва йиллик индексация қилиш бўйича ҳам бир қатор таклифларни илгари сурмоқда.









