SOS
Хавфсизлик

Ноқонуний мигрантларга хизмат кўрсатган молия муассасаси жавобгарликка тортилди

Ноқонуний мигрантларга хизмат кўрсатган молия муассасаси жавобгарликка тортилди

Россия ИИВнинг Приморье ўлкаси бўйича Миграция масалалари бошқармаси Владивостокдаги молия муассасаларидан бирини маъмурий жавобгарликка тортди. Бунга банкнинг "Назорат остидаги шахслар реестри"га (РКЛ) киритилган хорижликларга молиявий хизматлар кўрсатгани сабаб бўлган.

Текширув давомида 1978, 1988, 1997 ва 2000-йилларда туғилган Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига 50 мингдан 2 миллион рублгача бўлган операциялар амалга оширилгани ҳамда ҳисоб рақами очиб берилгани аниқланган. Ушбу қоидабузарликлар учун банкка нисбатан 4 та маъмурий баённома тузилиб, жами 1 миллион 600 минг рубл миқдорида жарима белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 2025-йил феврал ойидан бошлаб "Назорат остидаги шахслар реестри" (РКЛ) фаолият юритмоқда. Ушбу рўйхатга Россияда қонуний бўлиш асосларини йўқотган хорижий фуқаролар киритилади. Уларга нисбатан "чиқариб юбориш режими" қўлланилади, бу эса банк ҳисоб рақамларини очиш ва бошқа молиявий операцияларни амалга оширишга жиддий чекловлар қўяди.

Қонунчиликка кўра, назорат остидаги шахсларга фақат белгиланган мажбурий тўловларни амалга ошириш, ўз ҳисобига пул ўтказиш ҳамда ойига 30 минг рублдан ошмаган миқдорда нақд пул олишга рухсат берилади. Ушбу чекловлар реестрга киритилган барча хорижликларга тааллуқли бўлиб, банклар бундай мижозларга хизмат кўрсатишда қатъий талабларга амал қилиши шарт.

21.10.20260