Россиянинг Домодедово халқаро аэропортида божхона ходимлари Ўзбекистонга учиб кетаётган 32 ёшли хорижлик фуқаронинг юкларини текшириш жараёнида хавфли маҳсулотни аниқлади. «Янтар» номли радиацияни аниқлаш тизими юклар орасида радиоактив моддалар борлиги ҳақида сигнал берган.
Текширув давомида йўловчининг юклари орасидан умумий оғирлиги 31 килограмм бўлган қуритилган оқ қўзиқоринлар топилган. Мутахассислар томонидан ўтказилган ўлчовлар натижасида маҳсулотдаги радиация фони табиий меъёрдан 10 баробардан ортиқроқ эканлиги маълум бўлди. Таҳлиллар қўзиқоринлар таркибида сезий-137 радионуклиди мавжудлигини кўрсатган.
Россия Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлиги соҳасидаги назорат федерал хизмати (Роспотребнадзор) ушбу маҳсулотни радиоактив чиқинди деб топди ва уни белгиланган тартибда утилизация қилиш (кўмиш) тўғрисида қарор қабул қилди. Шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқарувчи компанияга нисбатан тегишли чоралар кўрилиб, «Қуритилган оқ қўзиқорин» маҳсулоти учун берилган мувофиқлик декларацияси бекор қилинди ва унинг савдоси тўхтатилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, сезий-137 сунъий радиоактив изотоп бўлиб, у ядровий реакциялар ва авариялар натижасида ҳосил бўлади. Унинг организмга узоқ вақт таъсир қилиши жиддий соғлиқ муаммоларини, жумладан, онкологик касалликлар хавфини ошириши мумкин.









