Россиянинг Владимир вилоятида жойлашган Муромцевск ўрмон техникуми директори Виктор Соболев ва унинг ходимлари ноқонуний миграцияни ташкил этиш ҳамда порахўрликда воситачилик қилиш айби билан суд қилинди. Суд залида директор ва унинг шериклари ҳибсга олинди.
Воқеалар ривожи 2023-йилнинг май ойида бошланган. М-12 трассасини қураётган пудратчи компания ишчиларни жойлаштириш учун техникум билан шартнома имзолаган. Бироқ, ишчиларнинг Россиядаги қонуний бўлиш муддати тугаган ва миграция хизмати уларни рўйхатдан ўтказишни рад этган. Шунга қарамай, директор 37 нафар Ўзбекистон фуқаросининг ётоқхонада яшашига рухсат берган.
Уч ой ўтгач, назорат органлари томонидан мазкур ҳолат аниқланган ва 37 нафар мигрант мамлакатдан депортация қилинган. Шунингдек, компания коменданти миграция бўлими бошлиғига 100 минг рубл миқдорида пора таклиф қилган вақтда қўлга олинган.
Суд қарорига кўра, техникум директори Виктор Соболев 2 йилга озодликдан маҳрум этилди ва 300 минг рубл жаримага тортилди. Унинг қўл остидаги ходимлар эса 1,5 йилдан 2 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилиб, уларга нисбатан ҳам жарималар белгиланди.









