Россиянинг Архангельск вилоятида 1-октябрдан 10-октябрга қадар «Ноқонуний-2026» тезкор-профилактика операцияси ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар ноқонуний миграция каналларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кучайтирилган тартибда текширувлар олиб борилмоқда.
Операциянинг дастлабки бир ҳафтасида полиция ходимлари 56 та миграция қонунчилиги бузилиши ҳолатини қайд этди. Хусусан, 9 нафар хорижлик фуқаронинг Россияда ноқонуний бўлиб тургани аниқланган. Шунингдек, 9 та ҳолатда хорижий фуқаролар томонидан меҳнат фаолиятини ноқонуний амалга ошириш, 10 та ҳолатда эса иш берувчилар томонидан қоидабузарлик содир этилгани аниқланди.
Текширувлар натижасида 9 нафар қоидабузарга нисбатан Россиядан маъмурий тартибда чиқариб юбориш қарори қабул қилинди, улардан 3 нафари Архангельск шаҳридаги хорижий фуқароларни сақлаш марказига жойлаштирилди. Бундан ташқари, 35 нафар хорижликка нисбатан Россия қонунчилигига риоя қилмаганлиги сабабли мамлакатга кириш тақиқланди.
Шунингдек, ҳужжатлар билан боғлиқ жиддий чоралар кўрилди: 2 та вақтинчалик яшаш рухсатномаси, 6 та яшаш гувоҳномаси (ВНЖ) ва 2 та патент бекор қилинди. Архангельск ва Северодвинск шаҳарларида яшовчи 2 нафар хорижликнинг Россияда вақтинча бўлиш муддати қисқартирилди. Ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар бўйича терговга қадар текширувлар ўтказилмоқда ва жиноят ишлари қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.









