Бошқирдистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари Россия Федерал хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия кўмагида «Ноқонуний-2026» федерал комплекс тезкор-профилактика операциясининг иккинчи босқичини ўтказмоқда. Тадбирлар хорижлик фуқаролар яшайдиган, ишлайдиган ва дам оладиган жойларда назоратни кучайтиришга қаратилган.
Жорий йилнинг 7-октябр куни Уфа шаҳридаги улгуржи ва чакана савдо мажмуаларида ўтказилган рейдлар давомида 170 нафардан ортиқ Марказий Осиё ва Шимолий Кавказ минтақаларидан келган хорижий фуқаролар текширувдан ўтказилди. Текширув натижасида Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган шахслар аниқланди.
Миграция қонунчилигини бузган хорижликларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, қоидабузарлар Россия ҳудудидан чиқариб юборилиши ва келгусида мамлакатга қайта кириш ҳуқуқидан узоқ муддатга маҳрум этилиши мумкин. Барча текширилган шахслар билан қонунчиликка риоя қилиш бўйича профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Бошқирдистон ИИВ Миграция бошқармаси хорижликларнинг ноқонуний яшаши ёки ишлаши ҳолатлари ҳақида хабар беришни сўрамоқда. Шунингдек, идора хорижий фуқароларни сохта рўйхатдан ўтказиш Россия қонунчилигига кўра жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтди.









