Россиянинг Вологда вилояти Череповец шаҳрида «Ноқонуний мигрант - 2026» профилактик тадбири доирасида кенг кўламли рейд ўтказилди. Шаҳарнинг Шимолий туманидаги объектларда ўтказилган текширувларда Россия ИИВ, Федерал хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия ходимлари иштирок этди.
Текширувлар натижасида 39 нафар хорижлик фуқаро миграция қонунчилигини бузгани аниқланди. Уларнинг барчаси рўйхатдан ўтган манзилида эмас, балки бошқа жойда яшаб келаётгани маълум бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан барча шахсларга нисбатан Россия Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси 1-қисми бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Шунингдек, аниқланган 39 кишидан 13 нафарига нисбатан қўшимча равишда 19.27-модданинг 1-қисми бўйича ҳужжатлар тайёрланди. Бу модда миграция ҳисобига туриш вақтида била туриб нотўғри маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этганлик учун жавобгарликни назарда тутади.
Қонунчиликка кўра, ушбу ҳуқуқбузарликлар учун 2 мингдан 5 минг рублгача жарима солиниши ҳамда Россия Федерацияси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш (депортация) чораси қўлланилиши мумкин.









