Хабаровск ўлкасининг Вяземский туманида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан 24 ёшли хорижлик фуқаро қўлга олинди. Текширувлар давомида ушбу шахс Россияга кириш тақиқланганига қарамай, мамлакат ҳудудига ноқонуний қайтиб келгани аниқланди.
Маълум бўлишича, 2024-yilda мазкур шахс Россиядан маъмурий тартибда чиқариб юборилган ва унга беш йиллик кириш тақиқи қўйилган эди. Тақиқни четлаб ўтиш мақсадида у ўз исми ва фамилиясини ўзгартирган. Бироқ, унинг отасининг исми ва туғилган санаси ўзгаришсиз қолгани сабабли, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар базадаги маълумотлар орқали унинг шахсини тезда аниқлашга муваффақ бўлишди.
Суд қарорига кўра, қоидабузар жаримага тортилди ва мамлакатдан маъмурий тартибда чиқариб юборилиши белгиланди. Айни дамда ушланган шахс Хабаровск шаҳридаги хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган.
Ушбу ҳолат хорижлик фуқаролар учун Россия қонунчилигида белгиланган кириш тақиқларини четлаб ўтишга уриниш жиддий ҳуқуқий оқибатларга, жумладан, қайта депортация ва жавобгарликка сабаб бўлишини яна бир бор эслатади.









