Калуга вилоятида ўтказилган «Нелегал-2026» профилактик тадбирининг иккинчи босқичи якунлари эълон қилинди. Унга кўра, Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган 101 нафар хорижлик фуқарони маъмурий тартибда мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Полиция ходимлари томонидан миграция соҳасида жами 400 та қоидабузарлик аниқланган. Шундан 237 таси кириш, чиқиш ва бўлиш қоидаларини бузиш, 70 таси ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, 43 таси эса Россияда бўлиш қоидаларига риоя этмаслик билан боғлиқ. Шунингдек, 44 та ҳолатда хорижликларни ноқонуний ишга жалб қилиш ва 4 та ҳолатда миграция ҳисобига қўйишда ёлғон маълумотлар тақдим этиш ҳолатлари қайд этилган.
Назорат тадбирлари давомида ноқонуний миграция белгиларига эга бўлган 81 та текширув материали рўйхатга олинган ва 13 та жиноят иши қўзғатилган. Мазкур операцияда вилоят ИИВ, Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ва транспорт полицияси ходимлари иштирок этган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳудудда миграция қонунчилиги устидан назорат кучайтирилган. Полиция профилактик ва текширув тадбирлари давом этаётганини маълум қилди.









