Янги Москва ҳудудида миграция қонунчилиги бузилишининг олдини олишга қаратилган кенг кўламли профилактика тадбири ўтказилди. Коммунарка туманидаги жамоат жойлари, кўчалар, хостеллар, меҳмонхоналар ва турар жой биноларида олиб борилган текширувлар давомида 383 нафар хорижлик фуқарога нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Аниқланган қоидабузарликларнинг асосий қисми миграция ҳисоби билан боғлиқ. Хусусан, 194 та ҳолатда миграция ҳисобига туришда нотўғри маълумотлар тақдим этилгани (Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 19.27-моддаси 3-қисми) аниқланган. Шунингдек, 112 нафар шахс майда безорилик, 11 нафар шахс эса Москва шаҳрида бўлиш тартибини бузганлик учун жавобгарликка тортилган.
Бундан ташқари, 29 нафар фуқаро бир йил давомида такроран қоидабузарлик содир этгани учун, 36 нафари йўл ҳаракати қоидаларини бузгани, бир нафари эса полиция ходимининг қонуний талабига бўйсунмагани учун жаримага тортилди. Текширув якунларига кўра, 40 нафар хорижлик фуқарони Россия Федерацияси ҳудудидан маъмурий йўл билан чиқариб юбориш (депортация) тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, ноқонуний миграцияни ташкил этиш аломатлари бўйича икки нафар шахсга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 322.1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар миграция қонунчилиги устидан назоратни давом эттирмоқда.









