Москва шаҳар ИИББ Жануби-шарқий маъмурий округи бошқармаси ходимлари «Нелегал-2026» комплекс тезкор-профилактика операциясининг иккинчи босқичи якунларини эълон қилди. 2026-йилнинг 1-октябридан 10-октябрига қадар давом этган тадбирлар давомида хорижлик фуқароларнинг мамлакатда бўлиш қоидалари ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартибига риоя этилиши текширилди.
Ҳисобот даврида жами 2380 дан ортиқ қонунбузарлик ҳолати қайд этилди. Хусусан, Россия Федерацияси ҳудудида бўлиш қоидаларини бузганлик (18.8-модда) бўйича 1300 дан ортиқ, ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланганлик (18.10-модда) бўйича эса 150 дан ортиқ маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Шунингдек, хорижликларни ноқонуний ишга жалб қилган иш берувчиларга нисбатан 160 дан ортиқ баённома тузилди.
Текширувлар натижасида 545 нафар хорижлик фуқарога нисбатан маъмурий чиқариб юбориш (депортация) тўғрисида қарор қабул қилинди. Бундан ташқари, 2000 дан ортиқ шахснинг Россияга кириши тақиқланди. Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирувда бўлган 6 нафар шахс аниқланди ва ноқонуний миграцияни ташкил этиш ҳамда сохта ҳисобга қўйиш бўйича 49 та жиноят иши қўзғатилди.
Миграция қонунчилигига риоя этиш, хусусан, тегишли рухсатномаларсиз ишлаш ва белгиланган муддатларда рўйхатдан ўтиш мигрантлар учун муҳим аҳамиятга эга. Мутасаддилар округ ҳудудида миграция соҳасидаги назорат тадбирлари давом эттирилишини маълум қилди.









