Россия ИИВнинг Москва шаҳри бўйича бош бошқармаси маълумотларига кўра, пойтахтнинг шимолий қисмида миграция қонунчилиги бузилишларини аниқлашга қаратилган кенг кўламли профилактика тадбирлари ўтказилди. Текширувлар жамоат жойлари, кўчалар, хостеллар, меҳмонхоналар ва турар жой биноларини қамраб олди.
Рейд якунлари бўйича хорижлик фуқароларга нисбатан жами 1406 та маъмурий баённома расмийлаштирилди. Хусусан, 815 та ҳолатда Россияда бўлиш қоидаларини бузиш (18.8-модда), 104 та ҳолатда ноқонуний меҳнат фаолияти (18.10-модда) ва 198 та ҳолатда миграция ҳисобига оид нотўғри маълумотлар тақдим этиш (19.27-модда) каби қоидабузарликлар аниқланган.
Текширув натижаларига кўра, 338 нафар хорижлик фуқарони Россия ҳудудидан ташқарига чиқариб юбориш (депортация) тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, 842 нафар шахсга Россияга кириш тақиқланди. Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва сохта ҳужжатлардан фойдаланиш бўйича 13 та, бошқа жиноятлар юзасидан эса 22 та жиноят иши қўзғатилди.
Бундан ташқари, рейд давомида давлатлараро қидирувда бўлган 3 нафар хориж фуқароси аниқланди. Миграция қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш бўйича профилактика тадбирлари давом эттирилмоқда.









