SOS
Депортация

Россия фуқаролигидан маҳрум қилинган 72 нафар мигрант мамлакатни тарк этиши шарт

Россия фуқаролигидан маҳрум қилинган 72 нафар мигрант мамлакатни тарк этиши шарт

Россия ИИВнинг Ханти-Мансийск мухтор округи бўйича бошқармаси ўтказган текширувлар натижасида 72 нафар хорижлик фуқаронинг Россия паспортлари олиб қўйилди. Ушбу шахсларнинг Россия фуқаролиги бекор қилиниб, уларга мамлакат ҳудудини тарк этиш мажбурияти юкланди.

Фуқароликдан маҳрум бўлганларнинг энг катта қисми — 34 киши ҳарбий ҳисобга туриш қоидаларини бузгани учун ушбу мақомдан айрилган. Қонунчиликка кўра, Россия фуқаролигини олган шахслар белгиланган муддатда ҳарбий комиссариатда ҳисобга туриши шарт. Ушбу талабнинг бажарилмаслиги фуқароликнинг бекор қилинишига асос бўлди.

Шунингдек, 28 нафар шахс турли жиноятларни содир этгани ва суд ҳукми чиқарилгани сабабли фуқароликдан маҳрум этилди. Жумладан, 50 ёшли эркак ноқонуний миграцияни ташкил этиш ва чет элликларни сохта рўйхатдан ўтказиш айби билан судланган. У 2006-йилда Россия паспортини олган эди.

Қолган 4 та ҳолатда ҳужжатларни топшириш жараёнида фирибгарлик аниқланган. Хусусан, 44 ёшли аёл Россия фуқароси билан сохта никоҳ қургани, 37 ёшли шахс эса тадбиркор билан сохта меҳнат шартномаси тузгани маълум бўлди. Ушбу шахслар эндиликда Россияда қонуний ишлаш ҳуқуқини йўқотиб, ўз ватанларига қайтишлари керак бўлади.

15.10.20261