Россияда миграция қонунчилигини бузганликда айбланиб, вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган ўзбекистонлик аёл озод этилди. Унинг фарзанди эса Новосибирскдаги меҳрибонлик уйида сақланаётган эди.
Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси дипломатлари мазкур ҳолат бўйича сақлаш маркази ва меҳрибонлик уйи раҳбарияти билан тезкор музокаралар олиб борди. Натижада аёл қисқа вақт ичида озод қилинди ва унга ватанга қайтиш учун зарур бўлган сертификат расмийлаштириб берилди.
Дипломатлар болани “Толмачёво” халқаро аэропортига олиб келиб, онасига топширди. Шундан сўнг она ва бола Ўзбекистонга кузатиб қўйилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан сўнгги бир ҳафта ичида жами 5 нафар боланинг ватанга қайтишига кўмаклашилган. Россияда қийин вазиятга тушиб қолган фуқаролар консуллик ёрдами учун ўз вақтида дипломатик ваколатхоналарга мурожаат қилишлари тавсия этилади.









