Россия ИИВнинг Краснодар ўлкаси бўйича бош бошқармаси хабарига кўра, Сочи шаҳрининг барча туманларида миграция қоидаларига риоя этилишини текшириш бўйича кенг кўламли тадбирлар ўтказилди. Икки кун давом этган рейдлар натижасида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 59 та маъмурий материал тўпланди ва 200 дан ортиқ шахс полиция бўлимларига олиб келинди.
Текширувлар давомида 14 нафар хорижлик фуқаро Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси 1.1-қисми (Россия Федерациясида бўлиш режимини бузиш) бўйича жавобгарликка тортилди. Ушбу қоидабузарлик учун қонунчиликда жарима солиш ва мамлакат ҳудудидан мажбурий чиқариб юбориш жазоси назарда тутилган.
Расмий маълумотларга кўра, ноқонуний миграцияни аниқлаш бўйича назорат тадбирлари давом эттирилмоқда. Мигрантларга ўз ҳужжатларини ва Россия ҳудудида бўлиш қоидаларини қатъий назорат қилиш тавсия этилади.









