Хабаровск ўлкасида «Нелегал-2026» профилактик тадбири доирасида полиция ходимлари миграция қонунчилигига риоя этилишини текшириш бўйича рейдлар ўтказди. Текширувлар Нанай, Комсомольск ва Лазо туманларидаги корхоналар ҳамда автомобиль йўлларида амалга оширилди.
Нанай туманида икки нафар хорижлик фуқаро рухсатномада кўрсатилмаган соҳада ишлагани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Уларнинг ҳар бирига 2 минг рубль миқдорида жарима белгиланди. Шунингдек, ушбу хорижликларни ноқонуний ишга жалб қилган юридик шахсга нисбатан ҳам иш қўзғатилди.
Лазо туманида ўтказилган рейдлар давомида 100 нафар хорижлик текширилиб, 16 та қонунбузарлик ҳолати аниқланди. Тўрт нафар мигрантда Россияда бўлиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар йўқлиги аниқланган. Уларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, мамлакатдан ташқарига чиқариб юбориш (депортация) масаласи кўриб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, яна 12 нафар хорижлик фуқаро меҳнат фаолиятини ноқонуний амалга оширгани ва Россияда бўлиш қоидаларини бузгани учун жавобгарликка тортилди. Ушбу туман бўйича белгиланган умумий жарималар суммаси 32 минг рублни ташкил этди. Комсомольск туманида эса 10 нафар ҳайдовчи текширувдан ўтказилиб, қоидабузарликлар аниқланмади.









