Яҳудий автоном вилояти ҳудудида «Ноқонуний мигрант-2026» тезкор-профилактика операциясининг иккинчи босқичи давом этмоқда. Биробиджан шаҳрида Россия ИИВнинг мазкур вилоят бўйича миграция масалалари бошқармаси ходимлари томонидан 3 нафар хорижлик фуқаронинг сохта рўйхатга олингани аниқланди.
Полиция суриштирувлари натижасида 44 ёшли маҳаллий фуқаро ўз уйида Марказий Осиё давлатларидан биридан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган 3 нафар хорижликни ҳақиқатда яшаш нияти бўлмаган ҳолда рўйхатга қўйгани маълум бўлди. Уй эгаси хорижликлар ушбу манзилда доимий яшамаслигини олдиндан билганини тан олган.
Ушбу ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 322.3-моддаси («Россия Федерациясида хорижий фуқарони ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни турар жой бўйича сохта рўйхатга олиш») билан жиноят иши қўзғатилди.
Қонунбузарлик оқибатида рўйхатдан ўтган 3 нафар хорижлик фуқаронинг ҳуқуқий мақоми бекор қилинади. Шундан сўнг, улар Россия Федерацияси ҳудудини тарк этишга мажбур бўладилар.









