Россия ИИВнинг Саха Республикаси (Якутистон) бўйича бошқармаси ходимлари «Ноқонуний-2026» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида кенг кўламли текширувларни амалга оширди. 1-октябрдан 4-октябргача бўлган даврда полиция ва Федерал хавфсизлик хизмати вакиллари хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган 985 та объектни кўздан кечирди.
Текширувлар натижасида жами 2862 нафар хорижий фуқаро назоратдан ўтказилди ва миграция қонунчилигининг 97 та бузилиши қайд этилди. Қоидабузарликлар учун умумий ҳисобда 282 000 рубл миқдорида маъмурий жарималар белгиланди. Шунингдек, 14 нафар шахс Россия Федерацияси ҳудудидан маъмурий тартибда чиқариб юборилиши (видворение) тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 5 нафар хорижликка Россияга кириш тақиқланди, яна 5 кишининг вақтинча яшаш муддати қисқартирилди ва бир киши депортация қилиниши белгиланди. Текширув давомида бир нафар хорижий фуқарода сохта ҳужжатлар аниқланган.
Шу билан бирга, миграция соҳасидаги жиноятларни (Россия Жиноят кодексининг 322.1 ва 322.3-моддалари) назарда тутувчи 13 та ҳолат аниқланди. Ушбу фактлар юзасидан қонунчиликка мувофиқ процессуал қарорлар қабул қилиниши маълум қилинди. Якутск шаҳрида миграция назорати бўйича профилактик тадбирлар давом этмоқда.









