Россия Федерацияси Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари учун энг йирик меҳнат бозори мақомини сақлаб қолмоқда. Россия Ташқи ишлар вазирлигининг МДҲ мамлакатлари бўйича учинчи департаменти директори Александр Стерникнинг таъкидлашича, географик яқинлик ҳамда маданий-тил алоқалари мигрантлар учун Россияни асосий танлов бўлишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотларига кўра, хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг умумий сони 1,1 миллиондан 1,2 миллион нафаргача етади. Уларнинг ярмидан кўпи айнан Россия Федерациясида фаолият юритади.
Расмий баёнотларда қайд этилишича, асосий донор давлатлардан келаётган меҳнат мигрантлари сонида қисман қисқариш кузатилган бўлса-да, Россия меҳнат бозори ўзбекистонликлар учун энг муҳим йўналиш бўлиб қолмоқда. Шунингдек, ташкилий асосда ишга жалб қилиш дастурлари ҳам фаол қўлланилмоқда. Хусусан, Тожикистон Меҳнат, миграция ва аҳолини иш билан таъминлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2025-yilda ушбу дастур доирасида 30 мингдан ортиқ фуқаро Россияга ишлаш учун борган, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 12 минг нафарга кўпдир.









