Ўзбекистон Миграция агентлиги хорижда ишга жойлаштириш ва жўнаб кетишдан олдинги тайёргарлик хизматлари учун янги тарифларни тасдиқлади. Агентлик директорининг 2026-йил 19-октябрдаги 114-сонли буйруғига асосан, янги нархлар 20-октябрдан кучга кирди. Ушбу ўзгаришлар 20-октябрга қадар тузилган шартномаларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Энг катта ўзгариш Жанубий Корея йўналишида кузатилди. E-9 ва E-7 визалари асосида ишга жойлашиш учун хизмат ҳақи 50 базавий ҳисоблаш миқдоридан (БҲМ) 10 БҲМга туширилди. Бу аввалги 22 миллион сўм ўрнига эндиликда 4 миллион 400 минг сўм тўловни амалга оширишни англатади.
Шунингдек, бошқа давлатлар учун ҳам мақбул тарифлар белгиланди. Хусусан, Европа давлатлари, Россия Федерацияси ва араб давлатларига ташкилий тартибда ишга жойлашиш хизматлари учун 2026-йил 31-декабрга қадар тўлов ундирилмайди. Айрим ҳолларда хизмат ҳақи хорижий иш берувчи томонидан қопланиши ҳам мумкин.
Қолган давлатлар учун белгиланган хизмат ҳақи тарифлари қуйидагича: - Беларусь — 44 минг сўм; - Россиядан ташқари МДҲ давлатлари ва Мўғулистон — 440 минг сўм; - Грузия — 880 минг сўм; - Туркия — 1 миллион 320 минг сўм; - Япония (ОТМ битирувчилари учун) — 440 минг сўм; - Япония (махсус малакали ишчи ва техник стажировка) — 4 миллион 400 минг сўм.
Эслатиб ўтамиз, ушбу нархлар фақат Миграция агентлигининг хизматлари учун белгиланган. Виза расмийлаштириш, авиа чипта, тиббий кўрик ва бошқа харажатлар дастур ҳамда меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ алоҳида тўланади. Қўшимча маълумотларни агентликнинг расмий сайти ёки 1282 қисқа рақами орқали олиш мумкин.









