SOS
Сиёсат

Краснодар ўлкасида мигрантлар учун патент тўлови 2027-йилда оширилади

Краснодар ўлкасида мигрантлар учун патент тўлови 2027-йилда оширилади

Краснодар ўлкаси Қонунчилик мажлиси депутатлари 2027-йил учун хорижий фуқаролар меҳнат патенти қийматини белгиловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Унга кўра, минтақавий коэффициент 8,7 даражасида ўрнатилмоқда.

Краснодар ўлкаси маъмуриятининг Миграция масалалари бошқармаси бошлиғи Александр Болдиннинг маълум қилишича, ушбу коэффициент ҳисобга олинган ҳолда, 2027-йилда ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорларда ишловчи мигрантлар учун ойлик аванс тўлови қарийб 29 минг рублни, бошқа тоифадаги хорижликлар учун эса қарийб 42 минг рублни ташкил этади.

Шунингдек, 2027-йил 1-январдан бошлаб тўловчилар доираси кенгаяди. Эндиликда патент асосида ишловчилардан ташқари, Россияда вақтинча ёки доимий яшовчи, жисмоний шахсларга хизмат кўрсатувчи (уй хўжалиги ва бошқа шахсий эҳтиёжлар учун) хорижликлар ҳам аванс тўловларини амалга оширишлари шарт бўлади. Бу талаб рухсатнома ёки патентсиз ишлаётган хорижий фуқароларга ҳам тааллуқлидир.

Расмий маълумотларга кўра, 2026-йилнинг дастлабки саккиз ойида патент асосида ишловчи хорижликлардан олинган солиқ тушумлари Краснодар ўлкаси бюджетига 869,5 миллион рублни ташкил этган. 2026-йилнинг биринчи ярим йиллиги якунига кўра эса ўлкада 7 мингта амал қилаётган патент қайд этилган, бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 4,6 баробар камроқ кўрсаткичдир.

07.10.20261