Россия Давлат Думасига МДҲ давлатлари ўртасида қарздорларни қидиришни назарда тутувчи янги битим киритилди. Ҳужжат Россия, Ўзбекистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон томонидан имзоланган. Ушбу келишув қарздорларнинг бошқа давлатларга чиқиб кетиши орқали ўз мажбуриятларидан қочиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.
Амалдаги тартибга кўра, алимент тўловчилари ёки жарималари мавжуд шахслар Россиядан чиқиб кетган тақдирда, суд ижрочилари уларнинг қаердалигини аниқлашда қийинчиликларга дуч келмоқда. Натижада, қарздорнинг иш жойи, даромадлари ва мол-мулки тўғрисидаги маълумотлар яширин қолиб кетмоқда.
Битим ратификация қилингач, суд ижрочилари МДҲ ҳудудида қарздорларни қидириш, уларнинг иш жойи ва даромадлари миқдорини аниқлаш ваколатига эга бўлади. Шунингдек, хорижий давлатдаги ҳисоб рақамлари, кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари каби активларни аниқлаш имконияти яратилади.
Тўпланган маълумотлар ундирувчиларга тақдим этилади. Бу эса, масалан, алимент ундиришда манфаатдор бўлган шахсларга қарздор жойлашган давлат судлари орқали қарорларни ижро этишга ҳуқуқий асос яратади.









