Ўзбекистон расмийлари Россияга ишга кетмоқчи бўлган фуқаролар учун республика ҳудудида махсус комплекс марказ ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу марказ меҳнат миграциясини уюшган ҳолда амалга ошириш тизимини жорий этишда муҳим восита бўлиши кутилмоқда.
Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алексей Ерховнинг қайд этишича, мазкур марказда мигрантлар учун Россияга чиқишдан олдинги зарурий тартиб-қоидаларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича тест синовлари, тиббий кўрик, шунингдек, дактилоскопия ва биометрик маълумотларни топшириш жараёнларини айнан Ўзбекистонда ўтказиш таклиф этилмоқда.
Элчининг таъкидлашича, ушбу ташаббусни амалиётга татбиқ этиш учун икки давлат тегишли идоралари томонидан ҳали катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилиши лозим. Шу сабабли, марказнинг очилиши яқин кунлардаги масала эмаслиги ва бу борада ҳали кўплаб техник ҳамда ташкилий масалалар ечимини кутаётгани айтилди.
Аввалроқ, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директори Мухсинхўжа Абдураҳмонов ва Россия элчиси ўртасида бўлиб ўтган учрашувда фуқароларни Россияга уюшган ҳолда ишга жойлаштириш механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинган эди. Томонлар ҳужжатларни тайёрлаш ва миграция жараёнларини соддалаштириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишган.









