Санкт-Петербург маъмурияти 2027-йилда меҳнат мигрантлари учун патент нархини ҳисоблашда қўлланиладиган минтақавий коэффициентни 3,225428 этиб белгилашни таклиф қилди. Ушбу лойиҳа 5-октябр куни расман эълон қилинди ва у шаҳардаги меҳнат бозори хусусиятларини акс эттиради.
Таққослаш учун, 2024-йилда коэффициент 1,597223 (патент нархи 4,6 минг рубл), 2025-йилда 1,927525 (6 минг рубл), 2026-йилда эса 2,570034 (8 минг рубл) даражасида бўлган. Янги коэффициент ва федерал индекс-дефлятор ҳисоб-китобларига кўра, 2027-йилда патент қиймати 11,5 минг рублдан ошиши прогноз қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, патент Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Молдова каби визасиз тартибдаги давлатлар фуқароларига Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Ушбу ҳужжат Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар фуқаролари учун мажбурийдир.
Бундан ташқари, Петербургда мигрантлар учун иш фаолияти соҳасида чекловлар кучаймоқда. Аввалроқ такси ва етказиб бериш хизматларида патент билан ишлаш тақиқланган эди. Сентябр ойида эса чакана савдо, фитнес-марказлар, сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари каби бир қатор соҳаларда ҳам патент асосида ишлашни тақиқлаш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди.









