Россия ва Афғонистон ўртасида афғонистонлик фуқароларни Россия меҳнат бозорига жалб қилиш бўйича музокаралар тўхтаб қолди. Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабуловнинг таъкидлашича, томонлар ушбу ташаббусни батафсил кўриб чиқишга киришмаган ва яқин келажакда бу борада ижобий ўзгаришлар кутилмаяпти.
Мутахассисларнинг фикрича, мазкур жараёндаги асосий тўсиқлар қаторида тил билиш даражасининг пастлиги, маданий интеграция билан боғлиқ қийинчиликлар ҳамда хавфсизлик масалалари турибди. Россия ИИВ қоидаларига кўра, хорижликлар ишлаш учун рухсатнома олишда рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги асосларини билишини тасдиқлаши шарт. Бу талаблар фақат айрим тоифадаги мутахассислар учун истисно қилиниши мумкин.
Россия иқтисодиётида кадрлар танқислиги кузатилаётган бўлса-да, афғонистонлик ишчиларни оммавий жалб қилиш масаласи ҳозирча кун тартибидан тушган. 2025-йил июн ҳолатига кўра, Россияда тахминан 100 нафар афғонистонлик бўёқчи, пайвандчи ва электрик сифатида фаолият юритган. Шунингдек, илгари 1 мингга яқин ишчини қишлоқ хўжалиги ва инфратузилмани тиклаш ишларига жалб қилиш бўйича келишувлар муҳокама қилинган эди.
Бугунги кунда Россияга келаётган меҳнат мигрантларининг 70 фоиздан ортиғи МДҲ давлатлари, хусусан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳиссасига тўғри келади. 2026-йилнинг биринчи ярмида эса Россияда Хитой, Ҳиндистон, Ветнам, Туркия, Шри-Ланка ва Индонезия фуқароларига 147 мингта меҳнат рухсатномаси берилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан учдан бир қисмга кўпдир.









