Россияда иш берувчиларнинг хорижий ишчи кучига бўлган талабини қатъий назорат қилиш ва мигрантларни ёллаш тартибини мураккаблаштириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Хусусан, ЛДПР партияси вакили Роман Крастелевнинг таъкидлашича, кадрлар тақчиллиги хорижлик ишчиларни жалб қилиш учун асос бўлмаслиги керак. У иш берувчиларни маҳаллий аҳоли учун иш шароитларини яхшилаш ва иш ҳақини оширишга чақирди.
Россия ҳукумати томонидан қабул қилинган янги қоидаларга кўра, меҳнат мигрантлари учун қўшимча мажбуриятлар жорий этилмоқда. Эндиликда солиқ органлари хорижлик ишчиларнинг даромадлари тўғрисидаги маълумотларни Россия ИИВга автоматик тарзда юборади. Мигрантлар эса ҳар йили ўз даромадлари, солиқ декларацияси ёки солиқ тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари шарт.
Шунингдек, миграция сиёсатидаги ўзгаришлар таълим соҳасига ҳам таъсир кўрсатмоқда. 2024-йил охирида қабул қилинган қонунга кўра, рус тилини билмайдиган мигрантлар фарзандларини мактабларга қабул қилиш тақиқланди. Бундан ташқари, 2025-йил июн ойида таълим муассасалари мигрантлар фарзандлари ҳақидаги маълумотларни ИИВга узатиши мажбурий этиб белгиланди.
Ушбу ўзгаришлар Россияда ишлаётган ёки ишлашни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларидан ҳужжатларни расмийлаштиришда ва солиқ ҳисоботларини юритишда янада эҳтиёткор бўлишни талаб қилади. Иш берувчиларнинг хорижлик ходимларни ёллашдаги қонуний жавобгарлиги кучайиб бораётгани сабабли, мигрантлардан меҳнат шартномаларининг тўғри тузилганлигини назорат қилиш сўралади.









