Россияда хорижлик фуқароларнинг фарзандлари учун 10-11-синфларда пуллик таълим тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Ушбу ташаббус ЛДПР партияси томонидан илгари сурилган бўлиб, уни Россия Юристлар уюшмаси аъзоси Александр Митрюк ҳам қўллаб-қувватлади.
Мутахассиснинг таъкидлашича, хорижлик фуқароларнинг таълим олишига ҳар йили қарийб 40 миллиард рубль маблағ сарфланади. Унинг фикрича, ушбу маблағни мактаб инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтириш мақсадга мувофиқ. Хусусан, 40 миллиард рубль эвазига қарийб 31 минг ўқувчига мўлжалланган 69 та янги таълим муассасасини қуриш ва фойдаланишга топшириш имконияти мавжуд.
Александр Митрюк ушбу таклифни концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватласа-да, уни амалга ошириш учун МДҲ ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) доирасидаги икки томонлама ҳукуматлараро келишувларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, 2027-йил учун “Таълимни ривожлантириш” давлат дастурига 682,5 миллиард рубль ажратилгани ва бюджет тақчиллиги шароитида давлат ўз фуқаролари олдидаги ижтимоий мажбуриятларини биринчи ўринга қўйиши кераклиги таъкидланди.
Ҳозирча ушбу ташаббус муҳокама босқичида бўлиб, якуний қарор қабул қилинмаган. Россияда ишлаётган ўзбекистонлик мигрантлар фарзандларининг таълим олиши билан боғлиқ ўзгаришлар расмий ҳужжатлар қабул қилинганидан сўнг кучга кириши мумкин.









