Россия Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) 2026-йилнинг январидан сентябрига қадар бўлган давр учун меҳнат мигрантлари бўйича статистикани эълон қилди. Унга кўра, ҳозирги кунда Россия ҳудудида патент асосида меҳнат фаолиятини юритаётган хорижлик ишчиларнинг умумий сони 1 миллион 504 минг 421 нафарни ташкил этади. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 400 минг нафарга камайган.
Статистикага кўра, Москва шаҳри патент асосида ишлаётган мигрантлар сони бўйича ҳудудлар орасида етакчиликни сақлаб қолмоқда. Пойтахтда жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 437,65 минг нафар хорижлик мутахассис рўйхатдан ўтган.
Энг кўп мигрант қабул қилган ҳудудлар бешлигига Москва вилояти (268,12 минг), Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти (162,41 минг), Свердловск вилояти (38,59 минг) ҳамда Татаристон (36,25 минг) кирди.
Эслатиб ўтамиз, Россияда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи хорижлик фуқаролар учун патент олиш ва уни узайтириш тартибига оид қоидалар доимий назоратда бўлиб, мигрантлардан барча ҳужжатларнинг қонуний талабларга мос бўлиши ҳамда солиқ ва жарималар бўйича қарздорликлар мавжуд эмаслиги талаб этилади.









