Россияда аҳолининг банк ҳисобварақларидан воз кечиб, нақд пулни афзал кўриш тенденцияси кузатилмоқда. "inFOM" сўровнома маълумотларига кўра, сентябр ойида респондентларнинг 38 фоизи жамғармаларини нақд шаклда сақлашни танлаган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 6 фоизга ошган. Айни пайтда банк ҳисобварақларидан фойдаланувчилар улуши 37 фоизни ташкил этмоқда.
Мутахассислар ушбу ҳолатни банк омонатлари бўйича фоиз ставкаларининг пасайиши, рақамли инфратузилмадаги узилишлар ҳамда банклар томонидан молиявий операциялар устидан назоратнинг кучайиши билан изоҳламоқда. 2026-йилнинг февралидан сентябрига қадар муомаладаги нақд пул ҳажми 3,3 триллион рублга кўпайган.
Ушбу ўзгаришлар фонида Россия Марказий банки нақд пул айланмаси устидан назоратни кучайтирмоқда. Хусусан, 2026-йил 29-сентябрдан бошлаб жисмоний шахсларга Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатларига 1 миллион рублдан ортиқ нақд пул олиб чиқиш тақиқланди. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун эса ушбу давлатларга нақд пул олиб чиқиш суммасидан қатъи назар ман этилди.
Россия ҳукумати ушбу чоралар орқали "соя иқтисодиёти" ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларига қарши курашишни кўзламоқда. Банкларга мижозларнинг маблағлари келиб чиқиш манбасини чуқурроқ текшириш бўйича тавсиялар берилган. Айниқса, қисқа вақт ичида амалга ошириладиган йирик миқдордаги операциялар назорат остига олинади.
Мигрантлар ва фуқаролар учун ушбу чекловлар муҳим аҳамиятга эга. Пул маблағларини халқаро миқёсда ўтказишда банк тизимидан фойдаланиш ёки белгиланган нақд пул олиб чиқиш лимитларига риоя қилиш тавсия этилади. Нақд пулни "ёстиқ остида" сақлаш инфляция таъсирида унинг харид қобилиятини йўқотишига олиб келиши мумкинлигини ёдда тутиш лозим.









