SOS
Сиёсат

Россияга ишлаш учун бораётган ўзбекистонликлар сони 179 минг нафарга камайди

Россияга ишлаш учун бораётган ўзбекистонликлар сони 179 минг нафарга камайди

Ўзбекистон Марказий банкининг "Меҳнат бозори шарҳи"га кўра, Россияга ишлаш мақсадида йўл олаётган фуқаролар оқими пасайишда давом этмоқда. 2026-йилнинг январ–июн ойларида ушбу давлатга борган ўзбекистонликлар сони 1 миллион 179 минг нафарни ташкил этди. Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 1 миллион 358 минг нафарга тенг бўлган.

Статистик маълумотларга кўра, Россияга бораётган ишчилар сони бир йил ичида 179 минг нафарга камайган. Шунингдек, 2025-йилда Россияда патент асосида фаолият юритган ўзбекистонликлар сони 1 миллион 495 минг нафарни ташкил этган эди.

Миграция йўналишларидаги ўзгаришлар фонида ўзбекистонликларнинг бошқа давлатларга қизиқиши ортмоқда. Хусусан, 2025-йилда Европа Иттифоқи мамлакатларидаги мигрантлар сони 13,2 фоизга, Туркияда эса 10,7 фоизга кўпайган. 2026-йил 1-июл ҳолатига кўра, Туркияда 70 минг, Жанубий Кореяда эса 102,2 минг нафар ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда.

Россиядан келаётган пул ўтказмалари ҳажми 2026-йилнинг биринчи ярим йиллигида 8,8 фоизга ошган бўлса-да, Марказий банк ташқи миграциядаги бу каби ўзгаришлар келгусида аҳоли даромадлари ва ички истеъмолга таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этган. Айни пайтда мамлакат ички меҳнат бозорида ҳам бўш иш ўринлари 9,8 фоизга қисқариб, иш изловчилар ўртасидаги рақобат кучаймоқда.

20.10.20261