Татарстон Республикасида расман 100 мингдан ортиқ хорижлик фуқаро истиқомат қилмоқда. Дўстлик уйида бўлиб ўтган давра суҳбатида маълум қилинишича, ушбу мигрантларнинг қарийб 53 минг нафари меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, 9 мингдан ортиғи таълим олиш мақсадида келган.
Расмийлар мигрантларнинг ҳуқуқий ва цивилизациялашган тартибда яшашини таъминлаш ҳамда уларнинг маҳаллий жамиятга интеграциялашувини кучайтиришни асосий вазифа деб белгилаган. Шу мақсадда миллий-маданий бирлашмалар раҳбарлари билан ҳар чоракда мунтазам учрашувлар ўтказиб борилмоқда.
Мигрантлар диққатига: 2025-йилдан бошлаб Россияда визасиз бўлиш муддати календар йил давомида жами 90 кун этиб белгиланди. Шунингдек, 2026-йилнинг ноябр ойидан бошлаб мамлакатдан мажбурий чиқариб юборишга сабаб бўлувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар рўйхати 22 тадан 45 тага кенгайтирилади.
Бундан ташқари, тартиб-қоидаларни бузганлик ва ноқонуний ишлаганлик учун жарималар миқдори сезиларли даражада оширилади. Республика раҳбарияти ушбу ўзгаришлар фонида мигрантларни янги қонунчилик талаблари билан яқиндан таништириш ва уларни ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муҳимлигини таъкидламоқда.









