SOS
Сиёсат

Узоқ Шарқ ва Арктикада ишлайдиган мигрантлар рус тили тестидан озод этилиши мумкин

Узоқ Шарқ ва Арктикада ишлайдиган мигрантлар рус тили тестидан озод этилиши мумкин

Россия Ички ишлар вазирлиги Узоқ Шарқ ва Арктика ҳудудларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган хорижлик фуқаролар учун қоидаларни енгиллаштиришни таклиф этди. Унга кўра, ушбу ҳудудлардаги илғор ривожланиш ҳудудлари резидентлари билан меҳнат шартномаси тузган мигрантлар рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги асослари бўйича имтиҳон топшириш мажбуриятидан озод қилиниши режалаштирилмоқда.

ИИВ томонидан тайёрланган ҳужжат лойиҳасига кўра, мазкур ташаббус инвестицияларни жалб қилиш ҳамда минтақаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тезлаштириш мақсадида илгари сурилган. Бу орқали иш берувчилар учун қулай шароитлар яратиш ва хорижий ишчи кучини ҳудудларга жалб қилиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Россия қонунчилигига мувофиқ, хорижий журналистлар ҳамда квота асосида ишлаш учун рухсатнома олган мигрантлар рус тили, тарихи ва қонунчилик асосларини билишни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишдан озод қилинган.

Таклиф этилаётган ўзгаришлар тасдиқланган тақдирда, Узоқ Шарқ ва Арктика ҳудудларида ишга жойлашган хорижликлар учун ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби соддалашади. Ушбу янгилик мазкур минтақаларда меҳнат қилаётган ёки у ерга боришни режалаштираётган ўзбекистонлик мигрантлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

12.10.20261