Округ Думаси Юградаги оилаларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонунга тузатишлар киритди. Эндиликда кўп болали оилалар учун бериладиган нафақаларни фақат Россия Федерацияси ҳудудида Россия фуқароси мақомида камида 5 йил давомида доимий яшаётган фуқароларгина олиши мумкин бўлади.
«Қонун лойиҳаси кўп болали оилаларга бериладиган айрим ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кўрсатиш шартларига тузатиш киритишни назарда тутади. Унга кўра, тўловларни олиш учун ариза берувчи нафақат Россия Федерацияси фуқароси бўлиши, балки мамлакат ҳудудида камида беш йил давомида Россия фуқароси мақомида яшаб келган бўлиши шарт», — дея тушунтирди Югра ижтимоий ривожланиш департаменти директори вазифасини бажарувчи Ирина Молданова.
Қабул қилинган ушбу ўзгартиришлар муайян тоифаларга тааллуқли эмас. Масалан, махсус ҳарбий операция иштирокчилари ва уларнинг оилалари, шунингдек, жанговар ҳаракатлар фахрийлари бундан мустасно. Улар Россия фуқаролигини қачон олганидан қатъи назар, ижтимоий ёрдам пулларини олишлари мумкин.









