Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарияти Халқаро миграция ташкилоти (ИОМ) вакиллари билан ўтказган музокаралар натижасида хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун тайёргарлик тизимини такомиллаштириш бўйича янги йўналишларни белгилаб олди. Ушбу ўзгаришлар меҳнат мигрантларининг хориждаги рақобатбардошлигини ошириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
2027-йилдан бошлаб хорижий иш берувчиларнинг талабларига мос равишда фуқароларни 3 ойдан 6 ойгача бўлган муддатда тил ва касбга ўқитиш кўлами кенгайтирилади. Бу жараён мигрантларнинг хорижий меҳнат бозорига тўлиқ тайёр ҳолда кириб боришини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, ўқув дастурларига комплекс ёндашув жорий этилмоқда. Эндиликда тил ва касбий кўникмалардан ташқари, мигрантлар учун меҳнат ҳуқуқлари, молиявий саводхонлик, иш шароитлари, шунингдек, фирибгарлик ва киберхавфлардан ҳимояланиш бўйича махсус ўқув машғулотлари кучайтирилади.
Бундан ташқари, Швеция йўналишида меҳнат мобилигини таъминлаш учун янги пилот механизмни ишлаб чиқиш режалаштирилган. Мазкур чора-тадбирлар орқали хорижга кетаётган мутахассисларнинг ўз ҳуқуқларини яхши биладиган ва ҳар томонлама тайёрланган кадрлар бўлиши кўзда тутилган.









